Лондоннинг «Арсенал» жамоаси посбони Петр Чех Англия Премьер-лигасининг энг яхши дарвозабони деб топилди. Бу ҳақда Sky телеканалига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
«Олтин қўлқоп» мукофоти 2004/05 йилги мавсумдан буён мавсум давомида энг кўп «қуруқ» ўйин ўтказган посбонларга берилади. Петр Чех АПЛнинг жорий мавсумида «Арсенал» сафида 34 ўйинда майдонга тушиб, 31 та гол ўтказиб юборган ва 16 та учрашувда дарвозасини дахлсиз сақлаган.
15 тадан «қуруқ» ўйин ўтказган Жо Харт («Манчестер Сити»), Давид де Хеа («Манчестер Юнайтед») ва Каспер Шмейхель («Лестер») иккинчи ўринни бўлишиб олди.
Қайд этиш жоиз, Петр Чех фаолиятида тўртинчи марта «Олтин қўлқоп» мукофотини қўлга киритиб, бу борада «Манчестер Сити» посбони Жо Хартга тенглашиб олди. Аввалроқ чехиялик дарвозабон «Челси» сафида 2004/05, 2009/10 ҳамда 2013/14 йилги мавсумларда ушбу совринга муносиб деб топилган.
Изоҳ (0)