Давлатлараро авиация қўмитаси комиссияси Москванинг Внуково аэропортида 2014 йил октябрида қулаган Falcon самолётининг ҳалокати юзасидан текширувларни тугатди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Ташкилот сайтида хабар қилинишича, текширув натижаларига кўра комиссия якуний ҳисобот лойиҳасини тайёрлаб, уни ваколатли ташкилотлар — Франция авиацион ҳодисаларни тафтиш этиш бюроси ҳамда Нидерландия хавфсизлик бошқармасига йўллаган. Ушбу ташкилотлар мутахассислари лойиҳа юзасидан ўз изоҳларини тақдим этганидан сўнг ҳисобот Давлатлараро авиация қўмитаси сайтида чоп этилади.
2014 йилнинг 21 октябрига ўтар тунда Франциянинг Total нефть-газ компанияси раҳбари Кристоф де Маржери хорижий инвестициялар бўйича консультацион йиғилишдан қайтаётган эди. Топ-менежер борти — Falcon ҳаво кемаси махсус техника автомобилига тегиб кетиб, олов олди ва қулади. Самолёт бутунлай ёниб кетди, ичкаридаги одамларни қутқаришнинг имкони бўлмади. Фожиа оқибатида Кристоф де Маржери ҳамда экипажнинг уч аъзоси ҳалок бўлди. Самолёт тегиб кетган қор кураш машинаси ҳайдовчисига зарар етмади.
Изоҳ (0)