The Daily Mail мухбири Шанхай ташқарисида жойлашган ва Apple маҳсулотларини йиғиш билан шуғулланадиган Pegatron ва Foxconn фабрикалари ходимларининг ётоқхоналарида бўлиб, фоторепортаж тайёрлади, деб ёзади «Hi-tech.mail.ru». Ушбу фотосуратлар кишини ҳайратда қолдиради: одамлар жуда ёмон шароитларда, сув ва электр токисиз яшайди.
Журналист сўзларига кўра, ҳатто шундай шароитларда яшаш учун ҳам ишчилар пул тўлаши керак. Улар эски икки қаватли каравотлар қўйилган 8—12 кишилик хоналарда яшайди. Ювиниш хонаси, ҳожатхоналар ифлосланиб, моғор босиб кетган, душ кабиналари умумий, унитазлар ўрнига тешиклар қилинган.
Емакхонада ҳам шунга ўхшаш шароитлар. Ходимларни фабрикадан ташқарида антисанитария, занг, ифлослик қуршаб олган.
Pegatron заводининг собиқ ишчиларидан бири журналистга ошкор қилишича, йиғувчиларга нисбатан доим роботлардек муносабатда бўлишган. Apple инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини ёқлаб фақат омма олдида чиқиш қилади, аслида эса одамлар кам маош олиб, даҳшатли шароитларда яшайди.
Компанияни бу борада кўп марта айблашган, бироқ вазият ўзгармаган. Катта шов-шувнинг сўнггиси 2012 йилда бўлган, ўшанда ишлаб чиқарувчини ходимлар ҳафтасига 60 соатдан кўпроқ ишлаши, меъёридан кўп ишлагани учун қўшимча ҳақ олмаслиги ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасдан ишлашида айблашган эди. Apple ва Foxconn эса iPhone йиғувчиларининг ишлаш шароитларини яхшилашга ваъда берган эди.
Изоҳ (0)