Бугунги кунгача «Ўзбекозиқовқатхолдинг» холдинг компанияси тизимидаги корхоналар билан фермер хўжаликлари ўртасида 906 минг тонна мева, сабзавот, картошка, полиз ва узум маҳсулотларини харид қилиш бўйича шартномалар тузилди. Йил охирига қадар бу кўрсаткич қарийб икки миллион тоннага етиши кутилмоқда, деб хабар беради ЎзА.
Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий матбуот марказида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Айтилишича, холдинг компанияси таркибига кирадиган хусусий мулк шаклидаги қайта ишлаш корхоналари фермер ва деҳқон хўжаликлари билан шартнома тузиб, қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорида бўнак тўлайди. Бу деҳқон ва фермерларга кенг қулайлик яратади. Томонларнинг ўзаро келишуви асосида бўнак — уруғлик, мевали дарахтлар кўчати, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар ёки пул кўринишида бўлиши мумкин.
«Тизимимиздаги ҳар бир корхонага давлат буюртмаси асосида маҳсулот етказиб берадиган фермер ва деҳқон хўжаликлари бириктирилган, — деди компания бошқарма бошлиғининг ўринбосари Баҳодир Юнусов. — Хомашё базасини ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида 2016–2020 йилларда 180 инвестицион лойиҳа амалга оширилади. Қўшимча равишда 70 сутни қайта ишлаш, 50 гўштни қайта ишлаш, 60 мевани қайта ишлаш корхонаси фаолияти йўлга қўйилади».
Анжуманда дунё бозорида рақобат тобора кучайиб бораётган ҳозирги кунда соҳага замонавий технологияларни татбиқ этиш, юқори унумли ва тежамкор ускуналарни қўллаш, электр энергияси ва бошқа табиий ресурсларни тежаш, маҳсулот таннархини пасайтириш чоралари кўрилаётгани таъкидланди.
Изоҳ (0)