АҚШнинг Делтон шаҳрида (Флорида штати) истиқомат қилувчи Майкл Бливинс тасодифан тўппонча орқали ўзини отиб қўйди. Бироқ у қўлидаги тешикка уч кун ўтгандан сўнг эътибор берди ва шифохонага мурожаат қилди. Бу ҳақда Meduza хабар беради.
37 ёшли Бливинснинг сўзларига қараганда, у уйида тўппончасини тозалаётган ва қайта ўқлаётган эди. Қуролни кўкрагида тутиб турган эркак туришга уринганда кучли оғриқни сезиб, ерга қулаб тушган.
Йиқилиш чоғида Бливинс ўқ овозини эшитган, кейин юзи билан шиша столнинг бурчагига урилган. Бироқ у фақат йиртилган қошига эътибор бериб, ўқдан яраланиш оқибатида келиб чиқадиган оғриқни ҳис қилмаган. Унинг оғриқни ҳис қилмаганлигига елкасидаги эски шикастланиш учун қабул қилаётган оғриқсизлантирувчи дори воситалари сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Эркак узун енгли қора кўйлак кийганлиги учун чап қўлидаги жароҳатни пайқамаган ва кейинги икки кун давомида одатий ишлари билан шуғулланган.
Фақат уч кундан кейин кийимини алмаштираётганда Бливинс қўлидаги ўқ тешиб ўтган жароҳатни кўриб қолган ва шифохонага мурожаат қилган.
Изоҳ (0)