Туркиянинг Истанбул шаҳрида спорт курашлари бўйича Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланма берувчи иккинчи жаҳон саралаш турнирида ўзбекистонлик эркин курашчилар Бекзод Абдураҳмонов ва Аббос Раҳмонов финал йўлланмасини қўлга киритиб, тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
-57 килограмм вазн тоифасида иштирок этаётган Аббос Раҳмонов нимчорак финалда покистонлик Муҳаммад Билолни 7:0, чорак финалда венесуэлалик Педро Родригесни 8:1, ярим финалда қирғизистонлик Самат Нодирбек ўғлини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди ва Рио–2016 Олимпиадасига йўлланма олди. Ҳал қилувчи баҳсда Раҳмонов туркиялик Сулейман Атлига қарши беллашади.
-74 килограмм вазнда курашаётган Бекзод Абдураҳмонов финалга қадар таиландлик Падипат Вантавонг (4:0), латвиялик Албертс Юрченко (2:0), австриялик Амирхан Висалимов (12:0) ҳамда қирғизистонлик Саякбай Юсуповни (12:2) мағлубиятга учратиб, турнирга йўлланмани қўлга киритди. Финалда Абдураҳмонов испаниялик Таймураз Фриевга қарши баҳс олиб боради.
Маълумот учун, мазкур турнирда 1 ва 2-ўринларни эгаллаган спортчилар Рио–2016 Олимпиадасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади.
Изоҳ (0)