Тошкент шаҳридаги Инҳа университети (IUT) жорий йилнинг 1 майидан бошлаб 2016—2017-ўқув йили учун қабулни бошлади. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини IUT’га ўқишга қабул қилиш шартлари билан кенгроқ таништириш мақсадида республика ҳудудларида турли учрашувлар ва тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳридаги Инҳа университети матбуот хизмати хабар беради.
Ушбу учрашувларга қўшимча сифатида жорий йилнинг 4 май куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университети видеоконференция ўтказди. Бир вақтнинг ўзида ушбу тадбирда республиканинг 14 та ҳудудида жойлашган 33 та видеоконференцалоқа ўрнатилган масканларда абитуриентлар ва уларнинг ота-оналари иштирок этди. Видеоконференциянинг ўтказилиши IUT’га қабул жараёни ҳақидаги маълумотларни кенг оммага етказиб бериш имкониятини яратди.
Мазкур видеоконференцияда иштирок этган ёшлар ва уларнинг ота-оналари университетнинг 2016—2017-ўқув йили қабули жараёнида топшириладиган зарур ҳужжатлар, имтиҳон ва талабаликка қабул қилиш шартларига оид батафсил маълумотларни олди ва IUT Қабул комиссияси вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилди.
Таъкидлаш лозимки, 2016—2017-ўқув йили учун Тошкент шаҳридаги Инҳа Университетига компьютер ва дастурий инжиниринг йўналиши бўйича 250 нафар ва логистика йўналиши бўйича 70 нафар талаба қабул қилинади.
IUT’га ҳужжат топшириш жараёни тўлиқ онлайн шаклда олиб борилади.
IUT’да таълим олишни истаган абитуриентлар сайтидаги онлайн шаклни тўлдириши керак.
Онлайн рўйхатдан ўтиш давомида абитуриентлар ўзлари ҳақида маълумотлар тақдим этиши керак. Шу билан бирга, паспорт, диплом IELTS ёки TOEFL iBT серфтикатлар каби ҳужжатларнинг электрон нусхасини ҳам юбориши лозим.
Онлайн рўйхатдан ўтиш жараёни 2016 йил 14 июль соат 17:00 га қадар давом этади.
Изоҳ (0)