Австралия мудофаа вазири Марис Пейн Ироқда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари томонидан ИШИД гуруҳининг австралиялик икки нафар террорчиси йўқ қилинганлигини маълум қилди, деб хабар беради «ТАСС».
29 апрель куни Ироқнинг Мосул шаҳрига уюштирилган авиаҳужумда ИШИД гуруҳида юқори лавозимни эгаллаган Нил Кристофер Пракаш йўқ қилинган.
Вазир, шунингдек, 22 апрель куни Сурияга авиаҳужум давомида Фарҳод Жабарнинг опаси Шади Жабарнинг йўқ қилинганлигини маълум қилди. Фарҳод Жабар 2015 йилнинг октябрида Сидней полицияси ходимини ўлдирган, ўзи эса полициячиларнинг унга жавобан ўт очиши оқибатида ҳалок бўлган эди. Мазкур жиноятдан сўнг, Шади Жабар Австралияни яширинча тарк этиб, бироз вақтдан сўнг Яқин Шарқда пайдо бўлганди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.