Футбол бўйича Украина чемпионатининг 24-туридан ўрин олган Донецкнинг «Шахтёр» ҳамда Киевнинг «Динамо» клублари ўртасидаги учрашувда футболчи ва мураббийлар орасида оммавий жанжал келиб чиқди. Бу ҳақда «Sports.ru» хабар бермоқда.
«Шахтёр»нинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган ўйиннинг 78-дақиқасида «кончилар» томонидан киритилган учинчи голдан сўнг, мағлубият аламида бўлган «Динамо» футболчилари майдонда жанжални юзага келтирди. Бунинг оқибатида учрашув бош ҳаками Юрий Можаровский «Динамо» ярим ҳимоячиси Андрей Ярмоленко ҳамда «Шахтёр» аъзоси Тарас Степаненкони майдондан четлатди.
Шунингдек, ҳакам техник зонадан «Шахтёр» бош мураббийи Мирча Луческу ҳамда майдонга тушмаган бўлса-да, жанжалда иштирок этган «Шахтёр» ҳимоячиси Александр Кучерни ҳам четлатди.
Қайд этиш жоиз, ярим йил аввал жамоалар иштирокидаги ўйинда Ярмоленко ва Степаненко ўртасида можаро келиб чиққанди. Ўшанда «Динамо» ярим ҳимоячиси «Шахтёр» аъзосининг футболкасини майдонга ташлаб юборганди.
Изоҳ (0)