Футбол бўйича Англия Премьер-лигаси 36-турининг марказий ўйинида «Манчестер Юнайтед» ҳамда «Лестер» клублари ўзаро тўқнаш келди. 1:1 ҳисоби билан якунига етган ўйиндан сўнг «Лестер» муддатидан аввал чемпион бўлиб олиш масаласини ўзи ҳал эта олмади.
Учрашувнинг 8-дақиқасига келиб мезбонлар ҳисобда олдинга чиқиб олган бўлса, орадан яна саккиз дақиқа ўтиб Клаудио Ранери жамоаси мувозанатни тиклади. Қолган дақиқаларда гол уриш ҳеч бир футболчига насиб қилмади.
36-турдан кейин «Лестер» 77 очко билан пешқадам бўлиб турибди. 2-ўринда бораётган «Тоттенҳэм» ҳисобида 69 очко бор. Лондон клуби ўз ҳисобидаги учта ўйинда зафар қучса ва «Лестер» келаси икки турда мағлуб бўлса, у ҳолда чемпионлик «Тоттенҳэм»га насиб этади.
Шунингдек, 36-турда «Тоттенҳэм» мағлуб бўлса, «Лестер» ўз-ўзидан 36-турдан кейиноқ мамлакат чемпионига айланади. Маълумот учун, «Тоттенҳэм» 36-турни 2 май куни «Челси»га қарши ўтказади. Ғалабадан бошқа ҳар қандай натижа «Тоттенҳэм»ни чемпионликдан айиради.
«МЮ» эса очколари сонини 60 тага етказиб олгани ҳолда, 5-ўриндан жой олган. «Арсенал» ҳисобида 67, «Манчестер Сити»да 64 очко борлиги инобатга олинса, «Юнайтед» катта эҳтимол билан Чемпионлар Лигасидан четда қолиши мумкин.
Англия Премер-лигаси 36-тур беллашуви 1 май, якшанба
Изоҳ (0)