АҚШда президентлик сайловлари бўлиб ўтишига ярим йилдан сал кўпроқ вақт қолди. Ҳар бир партиядан номзод аниқланиши учун демократлар яна 19, республикачилар эса яна 15 штатда праймериз ўтказиши керак. Энг муҳим штатларда (Нью-Йорк, Флорида, Техас, Массачусетс) овоз бериш аллақачон бўлиб ўтди. Пенсильвания, Калифорния ва Индианадаги праймериз барчасини ҳал қилиши мумкинлиги айтилмоқда. 2016 йил июлида иккала партия ҳам ўз съездларини ўтказиб, номзодларнинг бири узил-кесил белгиланади. Сайловлар 2016 йил 8 ноябрида бўлиб ўтади.
Шу муносабат билан «РБК» АҚШ президентлиги учун беллашувда молиявий масалалар қандай ҳал қилиниши ҳақида ҳикоя қилиб берди.
Сайлов учун 1 миллиард
Шу муносабат билан “РБК” АҚШ президентлиги учун беллашувда молиявий масалалар қандай ҳал қилиниши ҳақида ҳикоя қилиб берди.Апрель ойида The New York Times газетаси сайловолди кампанияси иштирокчилари учун жами бир миллиард доллар тўпланганини маълум қилди. Бу сумманинг 222 миллион доллардан кўпроғи Клинтоннинг кампаниясига ўтказилди. Февраль бошида номзодликдан воз кечган Берни Сандерс 139,8 миллион доллар тўплай олди.
Техаслик сенатор, Дональд Трампнинг рақиби Тед Крузга молиявий донорлар кампания бошида анчайин совуқ муносабатда бўлган эди. Крузни истиқболи йўқ консерватор деб ҳисоблаган ҳомийлар Флориданинг собиқ губернатори Жеб Буш ҳамда ўша штат сенатори Марко Рубиога мойиллик кўрсатаётган эди. Аммо Трамп праймеризда кетма-кет ғалаба қозона бошлаганидан сўнг катта капитал эгалари ўз стратегиясини ўзгартирди.
Апрель ойининг охири кўрсаткичларига мувофиқ, Крузнинг сайловолди кампаниясига 122 миллион доллар тўпланди. Қиёс учун, Буш курашни 159 миллион доллар билан, Рубио эса 119 миллион доллар билан якунлади. Мартнинг охирида донорлар Нью-Йоркда учрашув ўтказиб, Крузга қўшимча ёрдам кўрсатишга қарор қилди. Буш ва Рубионинг кампаниясини молиялаштирганларнинг кўпчилиги охирги ҳафталар мобайнида техаслик сенаторга инвесторларни жалб қилиш билан машғул бўлди.
Сиёсатчининг фандрайзинг тадбирларидан бири Лас-Вегасдаги Venetian казиносида бўлиб ўтди; муассаса республикачиларнинг энг йирик донорларидан бири Шелдон Адельсонга тегишлидир. Trusted Leadership сиёсий хатти-ҳаракатлар қўмитаси раҳбари Келлиан Конвейнинг сўзларига қараганда, республикачиларнинг ҳомийлари учун Круз ва Трамп номзодлари ортиқ “отиб ўлдирилиш ва заҳарланиш ўртасидаги танлов” эмас — улар Крузни “унча ёмон бўлмаган номзод” деб ҳисобламоқда.
Крузни энг йирик ҳомийлардан ака-ука миллиардерлар Фэррис ва Дэн Уилкслар ҳамда уларнинг рафиқалари қўллаб-қувватлади — улар номзоднинг кампаниясига 15 миллион доллар ажратди, деб ёзади Politico. Унинг кампаниясига, шунингдек, дунёдаги энг омадли хеж-фондлардан бири бўлган Renaissance Technologies директорлар кенгаши ҳамраиси Роберт Мерсер 12,5 миллион доллар ажратди. Мерсер шахсий маблағларидан шунча пул ажратган бўлса, унинг компанияси бундан ташқари яна 11 миллион инвестиция киритди.
Трамп кампанияси 36,7 миллион доллар тўплай олди, бу маблағнинг 24,6 миллион долларлик қисми миллиардернинг ўз пуллари, 9,5 миллион доллар эса кичик ҳажмлардаги эҳсонлардан тўпланган маблағдир. Тўпланган маблағдаги жиддий тафовутга қарамай, 19 апрель куни Трамп Нью-Йоркдаги праймеризда ишончли ғалабани қўлга киритди. Унга қадар учта штатда (Юта, Шимолий Дакота, Висконсин) ғалаба қозонган Круз бу сафар бирорта ҳам овоз тўплай олмади. Эндиликда Трампда 845, Крузда эса 545 овоз бор. Якуний ғалаба учун номзодлардан бири 1237 та овоз тўплаши лозим. Агар қолган 15 штатдаги праймеризда бирорта номзод бу натижани қайд қила олмаса, улар орасидаги танловни махсус съездда партия истеблишменти амалга оширади.
Ҳомийлар ким?
FEC маълумотларига қараганда, 2015 йил ёзидан буён 250 минг доллардан кўпроқ миқдордаги эҳсонларни бор-йўғи 158 жисмоний шахс ва оилалар қилган. Уларнинг умумий ҳиссаси 176 миллион долларни ташқил қилди. Яна 200 оила 100 минг доллардан эҳсон қилди.158 энг бой ҳомийларнинг 64 нафари молиявий соҳада, 17 нафари энергетикада, 15 нафари кўчмас мулк ва қурилиш ишида банд, 12 нафари эса медиаактивлар соҳибларидир. Ҳомийларнинг кўпчилиги республикачиларнинг тарафдори эканлиги айтилмоқда.
Клинтон хонимнинг энг йирик ҳомийси Жорж Сорос ва унинг жамғармаси — Soros Fund Management бўлди: у собиқ давлат котибининг кампаниясига 7 миллион доллар ажратди. Сорос буни Круз ва Трампнинг агрессивлиги билан тушунтирди.
Клинтондан фарқли равишда, Уолл-стритни танқид қилган Берни Сандерсни йирик бизнес эмас, балки оддий сайловчилар қўллаб-қувватлади. У тўплаган 139 миллион долларни оддий фуқаролар тўплаб берди, бу сумманинг 66 фоизини кичик ҳажмдаги ўтказмалар ташкил этади.
Молиялаштириш йўллари
АҚШда президентлик кампанияси бир неча усулда молиялаштирилади. Биринчидан, номзод ўз штабининг сайловолди ҳисобига ўз маблағларини ўтказиши мумкин. Шунингдек, у жисмоний шахслардан эҳсонлар қабул қилиши мумкин, лекин бу ҳолда 2,5 минг долларлик чеклов мавжуд.Бундан ташқари, маблағ тўплаш учун сиёсий хатти-ҳаракатлар қўмиталари (Political Action Comittees, PACs) ташкил этилади. Улар жамоат ташкилотлари, касаба уюшмалари ва фирмалар қошида таъсис этилиши мумкин. Анъанавий қўмиталар битта номзодга максимал 5 минг доллар, битта партияга максимал 15 минг доллар пул ўтказиши мумкин. Аммо 2010 йилда АҚШ Олий суди жисмоний шахслар, корпорациялар ва фуқаролик бирлашмаларига номзоднинг ўзига эмас, балки унинг у ёки бу таклифларини қўллаб-қувватлашга чекланмаган миқдорда пул ажратишга рухсат берди. Бу маблағ янги типдаги PACs’га — Super PACs’га ўтказилади. Бундай ташкилотлар номзоднинг штаби билан бевосита алоқа қила олмайди, лекин номзод, ўз навбатида, бундай маблағлар нимага сарфлангани ҳақида ҳисобот беришга мажбур эмас.
Жорий сайловларда Super PACs муҳим ўрин тутмоқда. The Washington Post маълумотларига қараганда, бундай ташкилотлар сони 2,3 мингга етди, улар тўплаган маблағ 600 миллион доллардан ошиб кетди. 2012 йилда Super PACs бутун сайлов силсиласи мобайнида 828 миллион доллар тўплаган эди. Улар орқали маблағ жалб қилишда энг катта натижа кўрсатган (124 миллион доллар) айни пайтда пойгадан чиқиб кетган Жеб Буш бўлди.
АҚШнинг йирик бизнесменлари бир йўла бир неча номзодни молиялаштиради. Бу стратегия у ёки бу сиёсатчи ёки партиянинг ғалабасига йўл қўймасликни кўзлайди. Жорий электорал кампанияда 60 нафар йирик ҳомий бир пайтнинг ўзида ҳам Клинтоннинг, ҳам Бушнинг кампанияларини молиялаштирди. Goldman Sachs директорлар кенгаши раиси Ллойд Бланкфейн эса бир йўла уч номзод — Круз, Буш ва Клинтонга пул берди, негаки у ўзини “демократик социалист” деб атаган Берни Сандерсни энг хавфли номзод ҳисоблади ва унинг пойгада ғалаба қозонишига йўл қўймаслик учун шундай стратегияни амалга оширди.
Изоҳ (0)