Флоренция апелляция судида (Италия) 2012 йилнинг январида чўкиб кетган Costa Concordia круиз кемасининг собиқ капитани Франческо Скеттинога нисбатан жараён бошланди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
Ҳалокат оқибатида 32 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ одам жароҳат олган эди.
Италиянинг Гроссето шаҳридаги биринчи инстанция суди 2015 йил 11 февралда Скеттинони айбдор деб топиб, 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Шунингдек, унга умр бўйи давлат мансабларини эгаллаш ҳамда ўз йўналиши бўйича 5 йил давомида ишлаш тақиқланган эди.
Аммо собиқ капитаннинг адвокатлари ўз ҳимоясидаги шахсни оқлаш ҳамда айбдорлар рўйхатини кенгайтиришни талаб қилиб апелляция инстанциясига мурожаат этди. Ўз навбатида, Гроссето прокуратураси ҳам апелляцияга бериб, Скеттинога белгиланган жазони янада қаттиқлаштиришни сўрамоқчи.
Май ойида апелляция жараёни доирасида 11 та суд эшитуви ўтказилади. Биринчи мажлис техник масалаларга бағишлангани боис айбланувчи унда иштирок этмайди.
Изоҳ (0)