Apple технологик корпорациясининг NASDAQ биржасидаги капитализацияси сотувлар очилиши билан ярим соат ичида 7,5 фоизга, 526 миллиард долларгача тушиб кетди. Бу ҳақда «РБК» маълумот берди.
Сотувлар ёпилишида корпорациянинг NASDAQ’даги капитализацияси бироз кўтарилиб, 538 миллиард долларга етди.
Компаниянинг жорий молиявий йил иккинчи чораги ҳисоботида 13 йилдан буён биринчи марта тушум камайгани хабар қилинди. Бу акциялар баҳосига жиддий таъсир ўтказди.
Корпорациянинг чораклик тушуми қарийб 13 фоизга камайиб, 58 миллиард доллардан 50,6 миллиард долларга тушди. Соф даромад 13,6 миллиард доллардан 10,5 миллиард долларга тушди. Таҳлилчилар тушум 52 миллиард долларгача, соф даромад эса битта акцияга ҳисоблаганда 2 долларга арзонлашишини башорат қилган эди.
Apple молиявий кўрсаткичларининг тушиши харидорларнинг арзонроқ маҳсулотларга диққат қарата бошлаши, донабай савдонинг камайиши, асосий бозорлардаги танглик билан боғлиқ. Иккинчи чорак давомида компания 51,2 миллион дона смартфон сотди, ўтган йилнинг шу даври кўрсаткичи эса 61,2 миллион донага тенг эди. Планшетлар сотилиши 10,2 миллион донага, Mac компьютерларининг сотилиши эса 4 миллион донага қисқарди. Хитой бозоридаги тушиш 26 фоизни, АҚШ бозоридаги тушиш 10 фоизни ташкил қилди.
Изоҳ (0)