Жорий йилнинг 21–30 апрель кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон» спорт саройида оғир атлетика бўйича Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланмалар ўйналадиган Осиё чемпионати баҳслари ўтказилмоқда. Мазкур қитъа чемпионатини бевосита кузатиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Томаш Аян кеча, 25 апрель куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.
«Уч йил аввал Тошкентга келганимда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг янги биноси қад ростлаши ҳақида эшитган эдим. Ўтган қисқа фурсатда мана шундай ажойиб иншоотнинг бунёд этилгани таҳсинга лойиқ. Бу ҳам ўз навбатида Ўзбекистонда олимпия ҳаракати қай даражада тараққий этаётганлигининг ёрқин ифодасидир», – дея ўз таассуротларини изҳор қилди Томаш Аян.
Халқаро оғир атлетика федерацияси раҳбари дастлаб Миллий олимпия қўмитасининг музейини кўздан кечирди. Музейдан жой олган экспонатлар, кубок ва медаллар, Олимпиада ўйинларида ғолиблик шоҳсупасига кўтарилган ўзбекистонлик спортчиларнинг фотосуратлари Томаш Аянда катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг, Томаш Аян Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Қосимов билан музокара ўтказди.
«Ўзбекистон бугунги кунда нафақат халқаро майдонларда қўлга киритилаётган муваффақиятлари, балки ҳар қандай спорт мусобақасини юксак даражада ташкил этиш борасида ҳам кўпчиликка ўрнак бўляпти. Биргина оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатининг юқори даражада ташкил этилганлиги ҳам юқоридаги фикримнинг исботи бўла олади. Айни пайтда, бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига қизғин ҳозирлик кўриляпти. Мен мазкур Олимпиада ўйинларида ҳам спортчиларингизга улкан зафарлар тилаб қоламан», – деди Томаш Аян.
Ташриф сўнггида Халқаро оғир атлетика федерацияси раҳбарига эсдалик совғалари топширилди.
Изоҳ (0)