Миср ҳарбий-ҳаво кучлари Синай ярим оролининг шимолий қисмида камида 30 нафар жангарини йўқ қилди. «ТАСС»нинг «ал-Мал» янгиликлар порталига таяниб хабар беришича, зарбалар Шайх-Зувайд шаҳри яқинида тўпланган экстремистлар галасига берилган.
Авиация ўтган йили ИШИДга садоқат изҳор қилган «Ансор Байт ал-Мақдис» экстремистик ячейкасининг позицияларига бир кун муқаддам тунги соатлардан зарба бера бошлаган эди. Бир неча соат давом этган ҳужумлар асносида қурол-яроғ омборлари ҳам нишонга олинди. Ҳарбийларнинг баёнотига кўра, ҳаво рейдлари қўпорувчилик ҳаракатларини тайёрлаётган террорчиларга қарши йўналтирилган превентив чоралар эди.
Синай ярим ороли Мисрнинг энг беқарор минтақаларидан бири бўлиб қолмоқда — бу ерда ўрнашган террорчи гуруҳлар тез-тез қўпорувчилик актларини уюштиради.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)