Эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Магомед Ибрагимов Мўғулистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида бўлиб ўтган биринчи жаҳон лицензион турнирида муваффақиятли иштирок этиб, XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига йўлланма олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
-97 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Магомед Ибрагимов финалга қадар кечган беллашувларни ғалаба билан якунлаб, тўрт йилликнинг энг нуфузли турнирида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Нимчорак финалда Жанубий кореялик Ким Жаэ-гангни 4:0 ҳисобида, чорак финалда эса Япония терма жамоаси аъзоси Такеши Ямагучини 11:0 ҳисобида мағлуб этган ўзбекистонлик курашчи ярим финалда мўғулистонлик Доржхандин Худербулгадан 9:2 ҳисобида устун келди ва финал баҳсига чиқиш билан бирга, Рио–2016 ўйинларининг йўлланмасини ҳам қўлга киритди.
Финал беллашувида арманистонлик Георгий Кетоевга 3:4 ҳисобида имкониятни бой берган Ибрагимов якунда кумуш медаль совриндори бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни юнон-рум кураши бўйича бўлиб ўтган лицензион турнирда икки нафар ўзбекистонлик спортчи — Елмурат Тасмурадов (-59 килограмм) ва Мўминжон Абдуллаев (-130 килограмм) Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўлланмани қўлга киритган эди.
Шу тариқа, ўзбекистонлик спортчилар томонидан Рио–2016 ўйинларига қўлга киритилган йўлланмалар сони 70 тага етди. Шулардан 25 таси паралимпиячиларга тегишли.
Изоҳ (0)