Жизель Д’Альи ван Уотершут ван дер Грахт 1912 йилда туғилган. Ўзи яшаб ўтган 100 йилдан ошиқ вақт давомида тухум қовуриш ёки картошка қайнатиб ейиш учун газ плитасидан фойдаланишни ҳам ўрганмади, деб ёзади liwli.
Унинг отаси 1920 йилларда АҚШнинг Royal Shell компаниясида ишлаган. Унинг маоши ва мерослари Австриядаги бутун бир қасрни таъминлаш учун етган. Ҳашамат ва фароғат ичида яшаб, Жизель ўз келажаги ҳақида қайғурмади.
Аммо 18 ёшида отасининг қистови билан кўнглига қулоқ солиб, санъатга иштиёқи борлигини англади. Парижга бориб, рассомчиликка ўқиди ва ўшандан буён қўлидан мўйқаламни туширмади. Бир асрлик умри давомида дунёнинг турли бурчакларида яшаб кўрди, бироқ Амстердамдаги катта ва шинам уйда ҳаловат топди.
Жизель бир вақтлар Амстердам мэрига турмушга чиққан, аммо саккиз йилдан сўнг ундан бева қолган эди. Шундан сўнг у мустақил равишда ижод қилиб, бойлик тўплади. Унинг асарлари машҳур ва бой кишиларга ёқарди. Ўзи ишлаб топган пулга бутун бир кўп қаватли уйни сотиб олди, аммо унинг энг юқори қаватидагина яшай бошлади.
Жизель 2013 йил майида ўз устахонасида вафот этди. Оқ шифт, оқ деворлар, мўл-кўл қуёш нури ва кўчадан эшитилаётган машиналар шовқини — у ўзини бахтли ҳис қилиши учун керак бўлган айни нарсалар эди.
Изоҳ (0)