Ҳиндистонда Wildlife SOS табиатни муҳофаза қилиш жамияти фаоллари томонидан Рея, Сита ва Миа лақабли уч урғочи фил тутқунликдан қутқариб олинди. «ТАСС»нинг билдиришича, филлар 50 йил давомида кўчма циркда сақланган.
Ташкилот муассиси Гита Сешаманининг сўзларига қараганда, филлар циркда мунтазам равишда калтакланган, шунингдек, тўйиб овқатланмаган. Уларга зарурий тиббий ёрдам кўрсатилмаган. Эндиликда улар Уттар-Прадеш штатидаги Матхура шаҳри яқинида жойлашган янги уйга кўчиб ўтди.
Ўтган йил ноябрида жониворлар ҳуқуқлари ҳимоячилари Сита ва Мианинг озод қилинишига эришган эди. Аммо кўчма цирк хўжайини Реяни топширишдан қатъиян бош тортди. Охир-оқибат у экологик ташкилот фаоллари билан ҳамкорлик қилишга рози бўлди.
Экологларнинг фикрича, филлар ҳали кичкиналигида браконерлар тарафидан тутиб олиниб, циркка сотиб юборилган. Уларни турли мақомларга ўргатиш учун калтак ва қамчидан фойдаланилган.
Изоҳ (0)