«Барселона» ҳужумчиси Луис Суарес «Депортиво»га қарши (8:0) Испания чемпионати 34-турида «гол+пас» тизимида 7 очко жамғаришга муваффақ бўлди, деб хабар беради «Sports.ru».
28 ёшли футболчи тўртта гол киритиш билан бирга жамоадошлари Иван Ракитич, Лионель Месси ва Неймарга биттадан голли узатма берди. Суаресгача «Барселона» таркибида ҳали ҳеч ким бундай натижага эришмаган.
Статистик маълумотлар билан шуғулланувчи MisterChip’нинг Twitter’даги саҳифасида қайд этилишича, сўнгги 66 йил мобайнида Ла Лиганинг бир ўйинида ҳеч ким бундай натижага эришмаган. 1950 йилда «Атлетико» ҳужумчиси Хосе Хункоса «Расинг» клубига қарши (9:1) ўйинда 4 та гол ва 3 та голли узатмага муаллифлик қилган. Бунга далил тариқасида MisterChip ўша учрашувнинг ҳисоботи расмини эълон қилди.
Изоҳ (0)