Ёдгорликлар инсонларга унутилиб бораётган ўтмиш воқеа-ҳодисаларини, тарихнинг яхши ёки ёмон жиҳатларини эслатиб туриш вазифасини адо этади. Айрим ҳайкаллар ва композициялар буюк қаҳрамонларни, фидойи инсонларни ёд этишга мўлжалланса, бошқа баъзи бировлари, аксинча, тарихнинг қайғули саҳифаларини эсга солиб туради. Аммо ҳар икки турдаги ёдгорликларнинг моҳияти одамларга ибрат бўлишдир.
WowFacts ўтмишнинг ва бугуннинг қайғули қирраларига бағишланган энг маъюс ёдгорликлардан иборат фотожамланмани тақдим этди.
1. Будапешт соҳилидаги оёқ кийимлари
Мемориал Иккинчи жаҳон уруши йилларида шу соҳилда отиб ташланган яҳудийлар хотирасига 2005 йилда очилган. Фашистлар одамларнинг пойабзалини ечтириб, уларни бир-бирига боғлар, сўнг биттасини отиб ташларди: ўлган одам сувга қулаб, ўзи билан тирик шеригини ҳам тортиб кетарди. Бу билан фашистлар ҳам патронларни тежар, ҳам бепул оёқ кийимига эга бўларди. Соҳилга 60 жуфт пойабзал қўйилган, лекин қурбонларнинг сони бундан анча кўп эди.
2. Хатико
Шу номли машҳур фильмни кўрган ҳамма Хатико лақабли итнинг тарихини жуда яхши билади. У ҳар куни хўжайинини темир йўл станцияда кутиб оларди. Аммо бир куни хўжайини юрак хуружидан қазо қилди ва шу билан станцияга бошқа келмади, ит эса уни 10 йил давомида кутди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида вайрон бўлган монумент 1948 йилда қайта тикланди.
3. Илма-тешик соябон тутган қиз
1999 йилнинг 30 май куни Минскда сўнгги қўнғироқ нишонланаётган эди. Ёшлар шаҳар кезиб юрганида ёмғир бошланди. Одамлар ер ости ўтиш йўлида ёмғирдан сақланишга уринди, аммо бу ерда тиқилинчлик келиб чиқди. Ўтиш йўлида 53 киши ҳалок бўлди. Уларнинг уч нафаригина 30 дан ошган эди.
4. Хатинь мажмуаси
Мажмуа фашистлар томонидан йўқ қилинган беларус қишлоғининг ўрнида жойлашган. Бу ерда тириклай ёқиб юборилган 149 кишининг 75 нафари болалар эди.
5. Санкт-Петербургдаги стела
157-сонли қарорнинг мудҳиш оқибатларига бағишланган ёдгорлик тоши. 1942 йил мартида қабул қилинган бу махфий ҳужжатда мурдаларни 1-ғишт ва жилвиртош заводида ёқиб юбориш кўрсатилган эди.
6. Ригадаги туғилмаган болалар мемориали
Улар бугун бизнинг орамизда бўлиши мумкин эди, лекин турли сабабларга кўра дунёга келтирилмади.
7. Туғилмаган болаларга бағишланган яна икки ёдгорлик
Бир хил шаклдаги бу икки композиция Словакияда ва Россиянинг Сургут шаҳрида жойлашган. «Онажон, йиғламанг, мен барибир сизни яхши кўраман» деб ном олган ёдгорликнинг бир қисми биллурдан ясалган.
8. Ёқиб юборилган китобларга бағишланган ёдгорлик
Ёдгорлик Германия пойтахти Берлинда 1995 йилда ўрнатилган. У бўш китоб жавони шаклида бўлиб, тўшама йўлнинг пастки сатҳида, шиша остида жойлашган. Ёдгорликка шундай сўзлар битилган: «Бу майдонда 1933 йилнинг 10 майида нацист талабалар китобларни ёқиб юборган эди». Сўнг Генрих Гейненинг сўзлари келтирилган: «Бу бошланиши эди, китоб ёқилган ерда охир-оқибат инсонлар ҳам ёқилади».
9. Павлов итининг ҳайкали
Санкт-Петербургнинг Аптекарский оролидаги Экспериментал тиббиёт институти боғида ўрнатилган ёдгорлик илмий экспериментлар ва тажриба жониворлари хотирасига бағишланган.
10. Мамаев курган
Сталинград қамалининг энг фожиали лаҳзалари кечган Мамаев курган тепалиги 1942–1943 йилларда фашистларга қаршилик кўрсатишнинг асосий нуқталаридан бирига айланди. Тепаликдаги биродарлик қабрларида 35 минг киши дафн этилган.
Изоҳ (0)