Барселоналик компьютер муҳандиси Диего Буэндиа Twitter’да «Дон Кихот» романини деярли тўлиқ эълон қилди. Бунинг учун у асар матнини 17 мингдан кўпроқ қисқа постингларга бўлиб чиқди, деб хабар беради «Phys.org».
Пенсияда бўлган 55 ёшли эркак махсус алгоритм яратиб, унинг ёрдамида романни ҳар бирида белгилар сони 140 тадан ошмайдиган қисмларга бўлиб чиқди. У микроблогинг хизматидаги махсус очилган аккаунтда кунига 28 тадан парча эълон қилиб борди. Бу саҳифага саккиз мингдан ортиқ фойдаланувчи, шу жумладан, Испания бош вазири Мариано Рахой обуна бўлди.
Охирги твит 22 апрелда, роман муаллифи Мигель Сервантес вафот этганига 400 йил тўладиган куни жойлаштирилади.
Мигель Сервантеснинг машҳур «Дон Кихот» («Ламанчлик уддабуррон идальго Дон Кихот») романининг биринчи томи 1605 йилда, иккинчи томи эса 1615 йилда чоп этилган. Асар дунёнинг барча асосий тилларига ўгирилган, унинг асосида спектакль ва мюзикллар қўйилган, шунингдек, 50 дан фильм ва сериаллар ишланган.
Изоҳ (0)