Ҳиндистон аҳолисининг 25 фоизидан кўпроғи ёки 330 миллион киши қурғоқчиликдан азият чекаётган ҳудудларда истиқомат қилмоқда. Бу ҳақда, Times of India нашрига асосланиб, «РИА Новости» ёзмоқда.
Бу рақамлар Swaraj Abhiyan ноҳукумат ташкилотининг петициясини кўриб чиққан суд мажлисида ошкор этилди. Ҳужжатда таъкидланишича, Уттар-Прадеш, Карнатака, Мадхья-Прадеш, Андхра-Прадеш, Телангана, Махараштра, Гужорат, Одишья, Жаркханд, Бихар, Харьяна ва Чхаттисгарх штатлари аҳолиси қаҳатчилик ва қурғоқчилик туфайли азият чекмоқда, штатлар ҳукуматлари эса уларга ёрдам кўрсатиш борасида етарли ишларни олиб бормаяпти.
Судга тақдим этилган маълумотларга кўра, энг катта зарар Уттар-Прадеш штатига келтирилмоқда — у ерда қурғоқчил ҳудудларда яшовчи аҳоли адади 98 миллион кишини ташкил қилади. Умуман олганда, юқорида тилга олинган 12 штатдаги 678 тумандан 254 тасида қурғоқчилик ҳукм сурмоқда.
Судда давлат манфаатларини ҳимоя қилаётган бош прокурор офиси вакилининг ишонтиришича, ҳукумат муҳтожларга турли механизмлар орқали бир миллион доллардан ортиқ қийматдаги моддий ёрдам жўнатган.
Илгарироқ мамлакат жанубида ҳукм сураётган жазирама туфайли охирги икки ҳафта мобайнида камида 200 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)