М. Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент шаҳар филиалида «Оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлигини амалга оширишдаги устувор вазифалар» мавзуида семинар бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбир иштирокчилари қаторида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф. Абдураҳимова ва бошқалар бор эди.
«Фарзанд тарбиясида оила билан бирга маҳалланинг ўрни ҳам катта, — деди тадбир иштирокчиси — Миробод туманидаги Янги замон маҳалласининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Наима Бекназарова. — Бу маҳалла зиммасига катта масъулият юклайди. Бугунги ўқув-семинарида ‘Оила – маҳалла – таълим муассасаси’ ҳамкорлигини янада кенгайтиришга доир кўплаб маълумотларга эга бўлдик».
Тадбирда маҳаллалар ва таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давомати, одоб-ахлоқини алоҳида назоратга олиш, уларни турли ўқув ва спорт тўгаракларига жалб этиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди. Қизлар тарбиясига эътибор қаратиш, замонавий билим ва касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш, эрта никоҳ ва оилавий низоларнинг олдини олиш масалаларини умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей ўқувчиларига кенг тушунтириб бориш юзасидан тавсиялар берилди.
Изоҳ (0)