Япония жануби-ғарбидаги Кюсю оролида 5,8 магнитудали навбатдаги ер силкиниши — афтершок кузатилди. «ТАСС» агентлигининг билдиришича, Япония метереология агентлиги шу муносабат билан цунами таҳдидини эълон қилиб, уни дарҳол бекор қилган.
Табиий офат ўчоғи ер остида 10 километр чуқурликда жойлашган. Унинг эпицентри Кумамото префектурасига тўғри келади. Силкинишлар бутун Кюсю ороли, шунингдек, Хонсю оролидаги бир қанча ғарбий префектураларда сезилди.
Афтершок оқибатида зарар кўрганлар ҳақида ҳозирча ахборот берилмади. Kyushu Electric Power (КЕPCО) энергетика компанияси берган баёнотга кўра, «Сэндай» ва «Гэнкай» атом электр станцияларида ҳеч қандай кўнгилсиз ҳолат кузатилмаган.
Эслатиб ўтамиз, 14 апрель куни Кюсю оролида ўчоғи Кумамотога тўғри келган 6,2 магнитудали зилзила рўй берган эди. Унинг оқибатида 41 киши қурбон бўлди, 2 минг киши жароҳат олди. Зилзиладан сўнг 120 дан ошиқ ерости силкиниши қайд этилди.
16 апрель куни Кумамото префектурасида Асо вулқони отилиши бошланди. Япониянинг энг йирик компаниялари, жумладан, Toyota, Honda, Nissan, Sony, Fujifilm вайронкор офатдан зарар кўрган ҳудудда ўз корхоналари фаолиятини тўхтатиб қўйди.
Изоҳ (0)