Тошкент ҳайвонот боғи яна бир бор ташрифчиларга мурожаат этиб, жониворларга емиш бермасликни сўради. Ҳайвонот боғида истиқомат қилиб келган ламанинг ўлиб қолгани бунинг сабаби бўлди. Унинг ошқозонидан еб бўлмайдиган кўплаб предметлар — полиэтилен ҳамда бошқа ўраш материаллари, пластик идишлар қопқоқлари топилди, деб хабар беради «Газета.uz».
«Ҳайвонот боғида жониворни меҳмон қилишни истасангиз, илтимос, жуда ширин, аммо соғлиққа зарар келтирувчи бирор нарсани сўраётган болаларни эсга олинг. Шунингдек, фарзандингиз ютиб юбориб, тиқилиб қолмаслиги учун қанд ва печенье ўралган қоғозни астойдил очишингизни эсга олинг. Фақатгина ўз ниятингиз эмас, бизнинг жониворларимиз ҳақида ҳам ўйлаб кўринг!», — дейилади ҳайвонот боғининг Facebook’даги расмий саҳифасида чоп этилган мурожаатда.
Айтилишича, Путра лақабли фил истиқомат қиладиган майдончага кимдир хавфли устарани ташлаган, аммо ишчилар буни ўз вақтида пайқаган. Шалпангқулоқ эчкининг вольерида атир қопқоғи топилган. Таъкидланишича, эчки уни чайнашга уринган, аммо ишчилар бунга йўл қўймаган. Ўтган йили эса Аврал лақабли бегемот ўсмир томонидан оғзига ташланган пластик идишни ютиб юборганди. Вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли у омон қолганди. Бундан ташқари, баёнотда туяқушларга ҳам пластик идиш ва карам ўзаги ташлангани эсга олинди.
«Ҳайвонларга емиш бермаслик, уларни чалкаштирмаслик, уларга турли предметларни ташламаслик борасидаги илтимос ва огоҳлантиришларга қарамай, одамлар ўзларини масъулиятсизларча тутиб, қоидаларни бузишда давом этмоқда. Бундай ташрифчиларнинг айби билан ҳайвонот боғида жайронлар, туялар, ламалар, туяқушлар ва бошқа жониворлар нобуд бўлди», — дейилади мурожаатда.
Жониворларга попкорн, музқаймоқ, чипслар, ширин момиқ ва бошқа ширинликлар таклиф этиш қатъиян ман қилинади. Озиқ-овқат қўшимчалари — ароматизаторлар, озиқ бўёқлари уларда аллергик реакция келтириб чиқариши мумкин. Бу, ўз навбатида, жониворларнинг сурункали хасталикларга йўлиқишига замин яратади.
«Ҳурматли меҳмонлар, илтимос, ишонинг, ҳайвонот боғида жониворлар оч қолмайди. Бизнинг жониворларимиз махсус ишлаб чиқилган овқатланиш рационлари бўйича барча зарурий емиш билан керакли миқдорда таъминланади. Жониворлага емиш берманг, уларнинг соғлиғини ва ҳаётини асраб қолинг!», — деб хулоса қилди боғ вакиллари.
Изоҳ (0)