15–17 апрель кунлари Тошкентдаги «Ўзбекистон» спорт мажумасида дзюдо бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақанинг сўнгги кунида эркаклар ўртасидаги жамоавий баҳсларда Ўзбекистон термаси олтин медални қўлга киритди, деб хабар беради «Sports.uz».
Дастлабки босқичда Покистон терма жамоаси таркиб борасида муаммога дуч келгани учун Ўзбекистон термаси беллашувсиз 1/4 финалга йўл олди. Чорак финалда Жанубий Корея, ярим финалда эса Қозоғистон мағлубиятга учратилди.
Финалда ўзбекистонлик дзюдочилар Мўғулистон терма жамоасига рўбарў келди. Дастлабки уч беллашувда Шарофиддин Лутфуллаев, Мирали Шарипов ҳамда Яҳё Имомов ғалаба қозонгач, беллашув тақдири муддатидан аввал ҳал бўлди. Шунингдек, юқори вазн тоифаларида Дилшод Чориев ҳамда Абдулло Тангриев ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон терма жамоаси таркибида чорак ва ярим финалларда Ришод Собиров, Шаҳзод Собиров, Сойиб Қурбонов ҳамда Шерали Жўраев муносиб иштирок этди ва Осиё чемпионлигига ўз ҳиссаларини қўшди.
Эслатиб ўтамиз, яккалик баҳсларида ўзбекистонлик дзюдочилардан Диёрбек Ўрозов (-60 кг), Сойиб Қурбонов (-100 кг) ва Абдулло Тангриев (+100) кумуш, Мирали Шарипов (-73 кг) ҳамда Рамзиддин Саидов (-100 кг) эса бронза медалига сазовор бўлганди.
Изоҳ (0)