Халқаро электр алоқа уюшмасининг (ITU) Электр алоқа стандартизацияси бюроси директори Чхе Суб Ли 2016 йилнинг 13 апрель куни Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига ташриф буюрди. Бу ҳақда университетнинг матбуот хизмати хабар берди.
Чхе Суб Ли Тошкент шаҳрига ITU’нинг минтақавий форуми — «Стандартлашда узилишни бартараф этиш» ва 2016 йилнинг Жаҳон электр алоқасини стандартлаш ассамблеясига тайёргалик кўриш минтақавий йиғилишида иштирок этиш учун Тошкентга келди.
Инҳа университетига ташрифи давомида Чхе Суб Ли ўқув юртида IT мутахассисларини тайёрлаш иши ҳамда талабалар ва профессорлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Ўз ўрнида, Чхе Суб Ли Халқаро электр алоқа уюшмаси фаолияти ҳақида, жумладан, АКТ соҳаси учун халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ҳақида сўзлаб берди. Шу билан бирга, у Халқаро электр алоқа уюшмасининг АКТ тармоғи ва ўқув юртлари билан ҳамкорлигига ҳам тўхталиб ўтди.
Чхе Суб Ли Инҳа университетини ITU’нинг аъзоси мақомини олишга ва тадқиқот лойиҳаларида иштирок этишга чақирди.
Халқаро электр алоқа уюшмаси 1865 йилда ташкил этилган бўлиб, у БМТнинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги етакчи ташкилоти ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси 1992 йилнинг 10 июль куни ITU’га аъзо бўлди.
Изоҳ (0)