ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббусига кўра 7—30 апрель кунлари ўтказилаётган Халқаро жаз фестивали доирасида ва Халқаро жаз куни муносабати билан Франция элчихонаси пианиночи Эрве Селленни концерт бериш учун Ўзбекистонга таклиф этди. Бу ҳақда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.
Франциялик созанда 29 апрель куни соат 18:30 да Ўзбекистон Давлат консерваториясида Ботир Зокиров номидаги Ўзбекистон Давлат жаз оркестри билан биргаликда концерт беради.
1957 йили таваллуд топган Эрве Селлен 1980 йили Париждаги мусиқа ва рақс олий консерваториясини пианино ва камер мусиқа йўналишида икки олий мукофот билан муваффақиятли равишда тугаллаган. 1984 йилдан бошлаб 15 йилдан ортиқ Жонни Гриффин билан биргаликда ижод қилган Селлен кейинчалик Диззи Гиллеспи, Чет Бакер, Ди Ди Брижуотер каби машҳур жаз мусиқачилари билан ҳам ҳамкорлик қилган. 1989 йилдан бошлаб ўз секстетига асос солган санъаткор 1990 йилда пианиночи, бастакор ва аранжировкачи сифатида Франция Жаз академиясининг Жанго Реинҳардт мукофотига сазовор бўлди.
Эрве Селлен Париж мусиқа ва рақс олий консерваториясида жаз ва импровизацион мусиқа бўлимида дарс беради.
Тошкент сафари давомида Э. Селлен консерватория талабаларига ҳамда В. Успенский номидаги Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчиларига маҳорат дарслари беради. Шунингдек, 30 апрель куни Ўзбекистон Давлат консерваториясида ўзбекистонлик, туркиялик ва швейцариялик санъаткорлар билан биргаликда жаз фестивалининг якуний концертида иштирок этади.
Изоҳ (0)