Теннис бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи аъзоси Нигина Абдураимова Туркиянинг Истанбул шаҳрида давом этаётган, соврин жамғармаси 50 минг долларни ташкил қилувчи Lale Cup турнирининг яккалик баҳсларида ўз иштирокини якунлади, деб хабар беради «Оламспорт».
Мусобақанинг яккалик баҳслари биринчи даврасида франциялик Фиона Феррони 6:4, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратган ўзбекистонлик теннисчи иккинчи даврада руминиялик Александра Кадантуга 4:6, 2:6 ҳисобида имкониятни бой берди. Ўз вақтида WTA рейтингида 59-ўрингача кўтарилган Каданту айни пайтда 231-поғонадан жой эгаллаб турибди. 21 ёшли Абдураимова эса 229-ўринни банд этган.
Чехиялик Барбора Стефкова билан тандем ҳосил қилган Абдураимова жуфтликлар баҳсининг илк босқичида Мартина Карегаро (Италия) ва Река-Лука Яни (Венгрия) дуэтига қарши кортга чиқиб, 6:3, 6:4 ҳисобида зафар қучди. Иккинчи даврада Абдураимова/Стефкова тандеми грузиялик Софиа Шапатова ва украиналик Анастасия Васильева дуэтига қарши баҳс олиб боради.
Изоҳ (0)