Куни кеча Афғонистонда юз берган зилзила оқибатида Покистонда қурбон бўлганлар сони олти кишига етди. Бу ҳақда Financial Express нашри маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар беради.
Аввалроқ тўрт кишининг ҳалок бўлганлиги ҳақида маълум қилинган эди.
Ер силкиниши Афғонистондаги Ашкашам шаҳридан 50 километр жанубда, Ҳиндикуш ҳудудида қайд этилган. Унинг ўчоғи 211 километр чуқурликда жойлашиб, магнитудаси 6,8 ни ташкил қилган.
Хайбер-Пахтунхва вилоятининг маркази Пешоварда 28 кишининг жабрланганлиги таъкидланмоқда.
Ер силкиниши Хайбер-Пахтунхва ва Панжоб вилоятларида сезилган. У уч дақиқага яқин давом этган, аҳоли биноларни тарк этган. Зилзила ҳақида Лаҳор, Исломобод, Пешовар, Сват, Читрал, Мардан, Кохат ва Кашмир шаҳарларида маълум қилинган.
10 апрель куни Афғонистон ва Покистон чегараси яқинида рўй берган ер силкиниши Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида сезилди.
Изоҳ (0)