General Motors концерни президентининг глобал дизайн бўйича ўринбосари Эд Уэлберн 1 июндан эътиборан нафақага чиқишини маълум қилди. Унинг концерндаги фаолияти 44 йил давом этди, деб хабар беради Motor нашри.
Уэлберннинг GM’даги фаолияти Buick компанияси экстерьерлар дизайни студиясидан бошланди. Ундан сўнг 65 ёшли мутахассис Oldsmobile ва Saturn компанияларида ишлади. 2005 йилда эса у GM таркибига кирувчи барча маркалар учун жавобгар этиб белгиланди.
Уэлберн раҳбарлиги остида кўплаб прототиплар яратилди. Булар қаторида Buick Avenir, Chevrolet Bolt, Chevrolet Chaparral, Cadillac Elmiraj,Opel Monza ҳамда иккинчи авлод Chevrolet Niva’нинг серияолди варианти, охирги авлод Chevrolet Corvette Stingray бор.
Уэлберннинг ўрнини Майкл Симко эгаллайди. У концернга 1983 йилда Австралиядаги Holden компанияси дизайнери сифатида қўшилди. Охирги бир неча йил давомида Симко GM’нинг Жанубий Кореядаги бўлинмалари яратган автомобиллар дизайни устида ишлади.
Изоҳ (0)