Швеция футбол федерацияси «Норрчёпинг» клуби устози Янне Андерссон мамлакат терма жамоасининг янги бош мураббийи бўлишини тасдиқлади, деб хабар беради «ТАСС».
Тайинлов муносабати билан 7 апрель, пайшанба куни Швеция терма жамоасига тегишли «Френдз Арена» ўйингоҳида матбуот анжумани бўлиб ўтади.
Янне Андерссон Францияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича 2016 йилги Европа чемпионатидан сўнг янги лавозимида иш бошлайди. Швециялик мутахассис қўли остида «Норрчёпинг» жамоаси 2015 йилда Швеция чемпиони бўлганди.
Швеция терма жамоасини 2009 йилдан буён бошқариб келаётган Эрик Хамрен жамоани 2014 йилда, Бразилияда бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатига олиб чиқа олмаган. Ўшанда швецияликлар ўтиш ўйинида Португалияга имкониятни бой берганди.
Евро–2016 турнирига саралаш баҳслари гуруҳ босқичида Швеция термаси Австрия ва Россиядан кейин учинчи ўринни эгаллади. Ўтиш ўйинида Данияни мағлубиятга учратган Швеция термаси мусобақанинг финал босқичига йўл олди. Евро–2016 турнири гуруҳ босқичида швецияликлар Ирландия, Италия ва Бельгия термаларига қарши баҳс олиб боради.
Изоҳ (0)