Мадриднинг «Реал» жамоаси собиқ бош мураббийи Карло Анчелотти «Қироллик клуби»нинг амалдаги устози Зинедин Зидан унинг футболга бўлган дунёқарашини ўзгартирганини айтиб ўтди, деб хабар беради «Чемпионат».
Зинедин Зидан 1999 йилдан 2001 йилгача «Ювентус»да Карло Анчелотти қўли остида тўп сурган.
«Зидан билан биринчи марта ‘Ювентус’даги фаолиятимнинг илк йилларида тўқнаш келиб, у фантастик футболчи эканини тушуниб етганман. Зидан мен учун асосий футболчи эди ва у футболга бўлган дунёқарашимни, ғоямни ўзгартиришга ёрдам берган. Авваллари барча ўйинларда 4-4-2 схемасини қўллар эдим. ‘Ювентус’да ўйин услубимни ўзгартирдим. Зизу икки ҳужумчи остида ҳаракат қилиб, ажойиб ўйин намойиш қилар эди», – дейди италиялик мутахассис.
Қайд этиш жоиз, Зидан 2013/14 йилги мавсумда «Реал» бош мураббийи лавозимида ишлаган Карло Анчелоттига ассистентлик қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, франциялик 43 ёшли мутахассис Зинедин Зидан 2016 йилнинг 4 январида «Қироллик клуби»га бош мураббийи этиб тайинланган.
Изоҳ (0)