2016 йилнинг 13–14 май кунлари «Истиқлол» санъат саройида «Қор маликаси» номли биринчи оилавий мюзиклнинг ижодкорлари томонидан яратилаётган янги «Менинг Тошкентим» мюзиклининг премераси бўлиб ўтади. Бу ҳақда лойиҳа ташкилотчиси Art Uz Promotion Agency МЧЖ «Дарё»га хабар берди.
Мюзикл сюжетига бир маҳалланинг ҳаёти, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи одамларнинг ички кечинмалари, муҳаббати, оилавий муносабатлари ва улар ҳаётининг бошқа ёрқин тарафлари асос қилиб олинган.
Саҳналаштирувчи режиссор сифатида Ҳасан ва Ҳусан Солиҳовлар иштирок этмоқда. Шу билан бирга Ҳасан Солиҳов бошловчи ролини ҳам ижро этади. Мюзикл мусиқаси бастакор Адҳам Абдураимов томонидан яратилмоқда. «Аладдин» эстрада студиясининг асосчиси ва бадиий раҳбари Рустам Ҳамроқулов эса ушбу лойиҳанинг вокал бўйича раҳбари сифатида иштирок этмоқда.
Бош ролларни ижро этиш учун таниқли эстрада хонандалари, кино ва театр актёрлари таклиф этилган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фотима Режаметова, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Адиз Ражабов, Асал Шодиева, Шадиша ва кастинг асосида танлаб олинган истеъдодли ёш ижрочилар ўз маҳоратларини намойиш этади.
Намойиш бир вақтнинг ўзида ўзбек ва рус тилларида тақдим этилади. Тадбирга чипталарни «Истиқлол» санъат саройи кассаларидан, ҳамда Uzcard ва Click электрон тўлов воситаларидан фойдаланган ҳолда сотиб олиш мумкин.
Ташкилотчилар «Менинг Тошкентим» Тошкент шаҳрининг «ташриф қоғози» бўлиб қолишига ва кўп йилларга мухлислар қалбида ўрин эгаллашига умид қилмоқда.
Изоҳ (0)