Журналистлик текширувлари халқаро консорциуми офшор компанияларни таъсис этишда ёрдам берадиган Панаманинг Mossack Fonseca юридик фирмаси ҳақида маълумотларни эълон қилди, деб хабар беради «Sports.ru».
Қарийб бир йил давом этган текширувда журналистлар Mossack Fonseca’нинг ички архивидаги 11 миллионга яқин ҳужжатлар билан танишиб чиқди. Mossack Fonseca версияси бўйича, 40 йилдан буён фаолият олиб бораётган ушбу фирма ҳеч қандай қонунбузарлик қайд этмаган ва унга нисбатан ҳеч қандай айбловлар қўйилмаган.
Ҳужжатларда Mossack Fonseca’нинг машҳур ва нуфузли инсонларнинг офшор компаниялари билан алоқаси борлиги кўрсатилган. Масалан, улар орасида 72 нафар амалдаги ва собиқ давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари бор.
Бундан ташқари, Mossack Fonseca ҳужжатларида тахминан 20 нафар машҳур футболчи — «Барселона», «Манчестер Юнайтед» ва «Реал» каби клубларнинг собиқ ва амалдаги футболчиларининг номлари келтирилган. Улар орасида «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ҳам бор. Месси ва унинг отаси Хорхега тегишли Mega Star Enterprises Панамада рўйхатдан ўтказилган.
Mossack Fonseca ҳужжатарида Месси ва унинг отасига тегишли компания номи биринчи маротаба 2013 йилнинг 13 июнида тилга олинган. Бундан бир кун аввал эса Испания прокуратураси Месси ва унинг отасига нисбатан солиқ фирбгарлиги бўйича биринчи бор айблов қўйганди. Электрон хатда айтилишича, яна бир офшор агент ташкилоти Mega Star Enterprises ҳужжатлари билан шуғулланишни Mossack Fonseca’га топширган.
Мессининг оиласи Mega Star Enterprises компаниясига эгалик қилиши ҳақидаги маълумотлар ҳужжатларда икки ҳафтадан сўнг, 2013 йилнинг 23 июнида пайдо бўлди.
Бундан ташқари, ҳужжатларда камида 20 та йирик футбол клубларининг, шу жумладан, «Интер» (Италия) ва «Бока Хуниорс» (Аргентина) жамоаларининг собиқ ва амалдаги раҳбарларига тегишли офшор холдинглар ҳақида маълумотлар мавжуд.
Ҳужжатларда Бразилия, Уругвай, Буюк Британия, Туркия, Сербия, Голландия, Швеция ва бошқа мамлакат футболчиларнинг номлари тилга олинган. Тахминларга кўра, аксарият футболчилар рекламалардан тушган даромадини сақлаб қолиш учун Mossack Fonseca юридик фирмасининг хизматларидан фойдаланган. Ҳужжатларда, шунингдек, «Лестер» ҳужумчиси Леонардо Ульоа, чилилик собиқ ҳужумчи Иван Саморано ҳамда аргентиналик собиқ ҳимоячи Габриэль Хайнце номлари ҳам тилга олинган.
Изоҳ (0)