Apple корпорациясининг Купертинодаги штаб-квартирасига кириш олдида бош чаноғи ва суяклар акс этган байроқ осиб қўйилди. Бу байроқнинг пайдо бўлиши 1 апрель куни асос солинганининг 40 йиллик юбилейини нишонлаган компания тарихи билан боғлиқдир, деб маълум қилди TJournal.
1 апрель ҳазиллар куни ҳисобланишига қарамай, Apple’нинг акцияси реал воқеа билан боғлиқ.
1983 йилда, Apple ҳали стартап бўлганида, ўсиб бораётган компания бюрократия домига тушаётганини кўрган Стив Жобс ундаги эркинлик руҳини сақлаб қолишни истаганди. Ўша пайтда Macintosh лойиҳаси устида ишлаётган жамоага бошчилик қилган Жобс ходимларни компания ичидаги рақобатчи — Lisa билан курашга руҳлантириш мақсадида уч «мақол» ўйлаб топганди:
- Ҳақиқий санъаткорлар натижага эришади;
- Денгиз пиёдалари сафида бўлгандан кўра қароқчилар сафига қўшилган маъқул;
- 1986 йилда ҳажман китобга тенг Mac яратилади.
1983 йил августида Жобснинг 80 кишилик жамоаси янги манзилга кўчиб ўтганида, дастурчилар бу ерда ўзига хослик яратмоқчи бўлган. Ходимлардан бири Стив Кэппс бир неча бўлак қора мато олиб келган, дизайнер Сьюзан Кэр эса унга оқ бўёқ билан «Қувноқ Рожерс» тасвирини туширган. Бош чаноғининг кўзидаги боғич Apple’нинг ўша пайтдаги логотипи — камалакнинг барча рангларидаги олма шаклида чизилган.
Дастурчилар тунги соатларда байроқни флагштокка илиб қўйган. У Жобсга маъқул тушган.
Байроқ бир-икки ой мобайнида ўша ерда осилиб турган. Шундан сўнг Lisa лойиҳаси ходимларини уни ўғирлаб кетган. Жобснинг жамоаси байроқни куч билан қайтарган, аммо бир йилдан сўнг у номаълум сабабларга кўра йўқолган.
2014 йилда Сьюзан Кэр машҳур байроқнинг бир қанча репродукцияларини яратиб, 2250–3250 доллар нархда сотган эди. 2016 йил 1 апрелида штаб-квартира олдидаги флагштокда илинган байроқ ўшалардан бири эканлиги тахмин қилинмоқда.
Изоҳ (0)