АҚШнинг Ўзбекистондаги савдо-сотиқ ва инвестицияга қизиққан 13 та йирик компаниясидан 30 дан ортиқ вакил ўтган ҳафта Ўзбекистон ҳукумати билан мунозара ҳамда ишбилармон доиралар, жумладан, қатор маҳаллий компаниялар ва Ўзбекистондаги Америка савдо палатаси аъзолари билан учрашувларда қатнашиш учун Тошкентга ташриф буюрди. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати «Дарё»га хабар беради.
24 март куни, элчи Памела Спратлен АҚШ—Ўзбекистон ҳукумат-бизнес давра столининг кўп сонли иштирокчилари ҳузурида нутқ сўзлади. Америка компаниялари ташрифи Америка савдо палатаси, Ўзбекистон ҳукумати, АҚШ элчихонаси, АҚШ тижорат департаменти, Америка—Ўзбекистон савдо палатаси томонидан ташкил этилди.
Давра суҳбатидан икки кун аввал Тижорат департаменти еттита компания вакилларидан иборат делегацияни бизнес муҳити ҳақида тадқиқот олиб бориш учун Ўзбекистонга олиб келди. Давра суҳбатининг алоҳида диққат марказида турган фармацевтика ва соғлиқни сақлаш тизими технологияси соҳаларида Америка фирмалари билан амалга ошириш мумкин бўлган ҳамкорликка қаратилган алоҳида секторга тааллуқли маълумотлар тақдим этилди.
Кўпгина меҳмонлар давра суҳбатидан аввал ҳам Ўзбекистон вазирликлари ва давлат компаниялари вакиллари билан яккама-якка учрашувлар ўтказди. Қатнашчилар ушбу давра суҳбати ва бошқа тадбирлар уларга ҳукумат ва бизнес вакиллари билан ўзаро ришталарни боғлаши учун Ўзбекистондаги бизнес муҳити тўғрисида муҳим тушунча ва қимматли имкониятларни тақдим этганини таъкидлади. Айрим компаниялар эса ҳафта давомида ташкиллаштирилган тадбирлардаги иштироки натижасида аниқ савдо ёки сармоявий шартномалар тузишдан умидвор эканини билдирди.
Изоҳ (0)