Расмий Кремль бир қанча таниқли аёлга квартиралар совға қилган бизнесмен Баевскийни билмайди, унинг Россия президенти Владимир Путин билан алоқадорлиги ҳақидаги гап-сўзлар эса ҳақиқатга мувофиқ келмайди. Бу ҳақда, Кремлнинг расмий вакили Дмитрий Песковнинг баёнотига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
31 март, пайшанба куни Reuters агентлиги эълон қилган материалда россиялик бизнесмен Григорий Баевский билан боғлиқ коррупцион ҳолатлар батафсил ёритиб берилди. Таъкидланишича, Баевский Аркадий Ротенбергнинг шериги бўлиб, Путинга алоқадор аёлларга кўчмас мулк — квартира ва уйлар совға қилган.
«Танишиб чиқдик. Афтидан, бу ахборий хуруж», — деди Песков.
Бир неча кун олдин Песков журналистлар билан суҳбат чоғида давлат раҳбари ва унинг яқинлари ҳақида Ғарб матбуотида буюртма материаллар тайёрланаётганидан огоҳлантирган эди. Навбатдаги анжуманда у Баевский билан боғлиқ хабарлар мана шу кампаниянинг бир қисми эканини таъкидлаб ўтди.
«Ишончимиз комилки, бундай чиқишларнинг давоми бўлади», — деб қўшимча қилди Кремль вакили.
Изоҳ (0)