Футбол бўйича ЖЧ—2018 саралаши доирасидаги Ўзбекистон — Баҳрайн ўйинидан кейин Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Москванинг «Локомотив» клуби ҳимоячиси Виталий Денисов ўз фикрлари билан ўртоқлашди. ФИФА расмий сайтининг ёзишича, ўзбекистонлик футболчи мамлакатда футбол мухлисларининг миллий терма жамоага бўлган эътибори жуда юқори эканлигига алоҳида урғу қаратган.
«Миллий терма жамоа сафида кўпдан бери тўп сураман, лекин бунчалик катта ажиотажни аввал кўрмагандим. Миллий терма ўйинларида бундан аввал ҳам аншлаглар бўлган, аммо бу сафар стадион ишқибозлар билан чинаккамига лиқ тўлди», — дейди Виталий Денисов.
«Бир вақтлар футбол билан боғлиқ муаммолар, молиявий томондан етишмовчиликлар бор эди. Биз футбол тизимини қайтадан йўлга қўйишга уриндик, аста-секин ҳаммаси изга туша бошлади ва Ўзбекистоннинг баъзи клублари сезиларли ўсишга эришди», — деди футболчи.
«Ҳозир янада кўпроқ клубларимиз ўз йиғинларини хорижда ўтказиб, чет эл жамоалари билан ўйинларда тажриба орттирмоқда. Босқичма-босқич ривожланиш натижасида бизда аъло даражадаги футболчилар авлоди етишди. Кўплаб ўзбекистонлик футболчилар хорижнинг етакчи жамоалари сафига бориб қўшилмоқда», — деб фикрини давом Виталий Денисов.
Денисовнинг фикрича, агар Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 йўлланмасини қўлга киритса, кўп ижобий ўзгаришлар кузатилади: «Агар ЖЧ—2018 га чиқа олсак, футбол федерацияси учун ҳам ва умуман мамлакат учун ҳам кўп нарса яхши томонга ўзгаради. Ўзимизни нисбатан юқори даражада кўрсата олсак, футболчиларимизни жаҳон янада яхшироқ таний бошлайди. Ва, эҳтимол, янада кўпроқ одам Ўзбекистонга ташриф буюриш истагини билдирар. Бунинг учун биз жуда қаттиқ меҳнат қилишимиз керак».
Эслатиб ўтамиз, Виталий Денисов Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ЖЧ—2018 ва Осиё Кубоги—2019 қўшма саралаши доирасида Филиппин (1:0) ва Баҳрайнга (1:0) қарши Тошкентда бўлиб ўтган ўйинларда иштирок этди.
Хусусан, Баҳрайнга қарши ўйинда Денисов рақиб футболчиси билан тўқнашиб кетиб, учрашув 1-таймида алмаштирилди. Кейинроқ, тўқнашув натижасида Денисовнинг мияси чайқалгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди, кўп ўтмай футболчи ўзини яхши ҳис қилаётгани айтилди.
Изоҳ (0)