Жаҳон бокс ташкилоти (WBO)нинг оғир вазн тоифасидаги қитъалараро чемпиони, украиналик Александр Усик спарринг машғулотларида жароҳат олгани учун британиялик Стивен Симмонсга қарши бўлиб ўтиши режалаштирилган чемпионлик жанги қолдирилди, деб хабар беради «iSport.ua».
K2 Promotions Ukraine промоутерлик компанияси расмий сайтининг маълум қилишича, украиналик боксчи спарринг машғулотлари вақтида тиззасидан жароҳат олган. Унинг тикланиш муддати кечроқ маълум қилинади.
Александр Усик ва Стивен Симмонс ўртасидаги жанг жорий йилнинг 23 апрель куни, Киев шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган эди.
«Ҳаммага салом. Афсуски, спарринг машғулотларида оёғимдан жароҳат олганим учун 23 апрель куни рингга чиқа олмайман. Тикланиш учун бироз вақт керак бўлади. Менинг аҳволим яхши. Барчага раҳмат, соғ-саломат бўлинглар», – дея Instagram’даги саҳифасида видеомурожаат қолдирди Усик.
Украиналик боксчининг бўлажак рақиби Стивен Симмонс ушбу воқеага ўз муносабатини билдирди.
«Афсус билан хабар қиламанки, Усик машғулотлар вақтида жароҳат олди ва бизнинг жангимиз қолдирилди. Барча қўллаб-қувватлаганларга раҳмат», – дейди британиялик боксчи.
Маълумот учун, Александр Усик профессионал боксчи сифатида 9 та жанг ўтказиб, барчасида нокаут билан ғалаба қозонган. Стивен Симмонс 15 жангдан 14 тасида ғалаба (6 тасида нокуат) қозонган ва 1 та жангда мағлубиятга учраган.
Изоҳ (0)