Наманган шаҳридаги «Дўстлик» теннис кортларида ўсмирлар ўртасидаги Namangan ITF Juniors теннис турнири ўзининг ҳал қилувчи палласига кириб бормоқда, деб хабар беради «Оламспорт».
Кеча, 24 март куни мусобақанинг чорак финал учрашувлари ўтказилиб, ярим финалга йўл олган теннисчилар номи маълум бўлди.
Мусобақада биринчи рақам остида таснифланган латвиялик Рудольф Меднис чорак финалда британиялик Жеймс Дэвисни 6:1, 6:4 ҳисобида таслим этди. Унинг ярим финалдаги рақиби британиялик Бен Драпер эса турнирнинг учинчи ракеткаси Жанубий кореялик Йонг Сёк Жеонгдан 6:4, 3:6, 6:1 ҳисобида устун келди.
Шунингдек, чорак финалда эстониялик Тамм Кристянни 2:6, 7:6, 6:3 ҳисобида мағлубиятга учратган россиялик Егор Носкин ҳамда суриялик Хазем Ноани 6:3, 6:4 ҳисобида таслим қилган британиялик Мэттью Саммерс ҳам ярим финалга йўл олди. Бу икки теннисчи бугун, 25 март куни ўтказиладиган ярим финал учрашувида ўзаро тўқнаш келади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур турнирда иштирок этган ўзбекистонлик теннисчиларнинг беш нафари дастлабки даврада ўз иштирокини якунлаган эди. Мусобақанинг иккинчи даврасига йўл олган ўзбекистонлик Шаробиддин Абзалов ушбу босқичда суриялик Хазем Ноага 6:7, 7:6, 4:6 ҳисобида енгилди.
Изоҳ (0)