Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин АҚШнинг Майами шаҳрида давом этаётган, Masters туркумидаги Miami Open теннис турнирини ғалаба билан бошлади.
Мусобақа расмий сайтининг маълум қилишича, 29 ёшли ўзбекистонлик теннисчи дастлабки даврада хорватиялик Борна Чоричга қарши кортга чиқди. Икки соату 47 дақиқа давом этган беллашувда 4:6, 7:5, 7:5 ҳисоби қайд этилиб, Денис Истоминнинг иродали ғалабаси билан якунланди.
Таққослаш учун, ўзбекистонлик теннисчи ATP рейтингида 76, Борна Чорич эса 46-поғонани эгаллаб турибди.
Miami Open турнирининг иккинчи даврасида Денис Истомин дунёнинг иккинчи ракеткаси, британиялик Энди Маррейга қарши кортга чиқади.
Маълумот учун, соврин жамғармаси 7 миллион 37 минг 595 долларга тенг Miami Open турнири 21 март, душанба куни старт олган бўлиб, 3 апрель, якшанба кунига қадар давом этади.
Изоҳ (0)