Голландиялик мутахассис Луи ван Гал Англиянинг «Манчестер Юнайтед» футбол клубига бош мураббий этиб тайинланганидан сўнг, клуб қиймати қарийб 1 миллиард долларга тушиб кетди. Бу ҳақда The Mirror’га асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
23 март, чоршанба куни Нью-Йорк фонд биржасининг ёпилиш вақтида «Манчестер Юнайтед» клубининг битта акцияси нархи 13,33 долларни ташкил қилди. 2014 йилнинг июль ойида, яъни Луи ван Галнинг «МЮ»га бош мураббий этиб тайинланмасидан аввал, битта акцияни 20 долларга сотиб олиш мумкин эди. Нашрнинг ёзишича, акциялар нархининг пасайиши қиммат футболчиларни сотиб олиш ва клубнинг муваффақиятсиз натижалар кўрсатиши билан боғлиқ. Шунингдек, қайд этилишича, мавсум якунида «Манчестер Юнайтед» Англия чемпионатида кучли учликдан жой олмаса, акциялар нархи яна тушиб кетиши мумкин.
Forbes журналининг маълумотларига кўра, 2015 йилда «Манчестер Юнайтед» клубининг умумий қиймати 3,1 миллиард долларга тенг эди.
Луи ван Гал 2014 йилнинг май ойида, Бразилияда бўлиб ўтган футбол бўйича Жаҳон чемпионатида Голландия терма жамоасини бронза медали совриндорига айлантирганидан сўнг, «Манчестер Юнайтед» билан шартнома имзолаган эди. Фаолияти давомида 64 ёшли мутахассис «Аякс», «Барселона» ва «Бавария» клубларини ҳам бошқарган.
«Манчестер Юнайтед» жамоаси Англия чемпионатида 30 та ўйиндан сўнг 50 очко тўплаган ҳолда 6-ўринни эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)