Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида енгил атлетика бўйича ўтказилган Гран-при туркумига кирувчи йирик халқаро мусобақада ўзбекистонлик паралимпиячилар 6 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Дунёнинг 50 га яқин давлатидан келган 600 нафардан зиёд спортчи иштирокида ўтган мазкур нуфузли мусобақада ўзбекистонлик Маъруфжон Муродуллаев 400, 800, ҳамда 1500 метр масофага ўтказилган югуриш мусобақаларининг барчасида марра чизиғига биринчи бўлиб етиб келиб, бир йўла учта олтин медални қўлга киритди.
Югуриш мусобақаларида, шунингдек, Лондон–2012 ёзги Паралимпия ўйинларининг иштирокчиси Миран Сахатов 200 метр масофага, Мансур Абдурашидов эса 100 метр масофага югуриш баҳсларида барча рақибларини ортда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Мансур Абдурашидов 200 метр масофага бўлиб ўтган югуриш баҳсларида ҳам иштирок этиб, кумуш медаль совриндори бўлди. Югуриш секторида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган яна бир спортчи Сирожиддин Норов 800 метр масофага ўтказилган мусобақада учинчи ўринни эгаллади.
Бундан ташқари, Нозимахон Қаюмова найза отиш баҳсида 42,79 метр натижа билан олтин, ядро ирғитиш мусобақасида эса 11,95 метр натижа билан кумуш медаль соҳибаси бўлди. Шунингдек, найза отиш секторида қатнашган Наталья Семёнова 14,17 метр натижа билан кумуш медалига, баландликка сакраш секторида иштирок этган Омадбек Ҳасанов 1,70 метр кўрсаткич билан бронза медалига сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунга келиб ўзбекистонлик паралимпиячилар Рио–2016 Паралимпия ўйинларига жами 24 та йўлланмани нақд қилиб қўйган бўлса, шулардан 10 таси енгил атлетикачилар ҳисобига ёзилган.
Изоҳ (0)