Ўзбекистонлик ёш интернет фойдаланувчилари Наврўз байрамининг нишонланиши муносабати билан ижтимоий тармоқларда #NavrUZ ҳештегини дунё трендига олиб чиқишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «E-yoshlar.uz» сайти тарқатган хабарномада айтилди.
Акцияни яқинда дунё трендига чиқарилган #Navoiy575 ва #BoburDay ҳештегларини ташкил этган фаол ёшлар гуруҳи уюштирмоқда. Улар #NavrUZ ҳештегини ҳам бутун жаҳон интернет фойдаланувчилари ўртасида тарғиб қилиб, санани интернет сайли форматида нишонлашни кўзламоқда.
Лойиҳа доирасида вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги истироҳат боғлари, сайилгоҳларда ўтказилувчи оммавий кўнгилочар тадбирларнинг қамраб олиниши, онлайн тарзда ёритиб борилиши айтилмоқда.
21 мартда кун давомида Тошкент шаҳридаги «Мирзо Улуғбек», «Бобур», «Абдулла Қодирий», «Ғафур Ғулом» ва «Локомотив» истироҳат боғларида Наврўз тантаналари билан бирга #NavrUZ ҳештеги остида акциялар ташкиллаштирилади. Шунингдек, бутун Республика бўйлаб вилоят марказларидаги сайилгоҳлар, истироҳат боғларида режалаштирилган «E-yoshlarда Наврўз» виртуал байрам акцияси ўтказилади.
Интернет фойдаланувчилари ҳам #NavrUZ ҳештеги доирасида Наврўз байрами ва миллий қадриятлар акс этган фото, видео, аудио ва матн кўринишидаги материалларни «E-yoshlar.uz» сайтига жойлаш ва кенг оммага тақдим этиш имкониятига эгалар.
Акция Тошкент вақти билан соат 12:00 да бошланиб, 24:00 гача давом этади.
Изоҳ (0)