Ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин АҚШнинг Ирвинг шаҳрида давом этаётган, мукофот жамғармаси 125 минг АҚШ долларини ташкил этувчи «Челленжер» туркумидаги Irving Tennis Classic теннис турнирида ўз иштирокини якунлади.
Мусобақа расмий сайтининг маълум қилишича, яккалик баҳслари иккинчи даврасида 29 ёшли ўзбекистонлик теннисчи ушбу турнирда учинчи ракетка сифатида таснифланган чехиялик Лукаш Росолга қарши кортга чиқди. Бир соату 50 дақиқа давом этган беллашувда Истомин 2:6, 6:1, 6:7 ҳисобида рақибига имкониятни бой бериб, яккалик баҳсларида ўз иштирокини якунлади.
Эслатиб ўтамиз, жуфтликлар баҳси биринчи даврасида россиялик Дмитрий Турсунов билан тандем ҳосил қилган Истомин, Янги зеландиялик Майкл Винус ва австралиялик Жон-Патрик Смитга қарши кортга чиқиб, 6:7, 6:4, 8:10 ҳисобида имкониятни бой берган эди.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг биринчи ракеткаси Денис Истомин Irving Tennis Classic теннис турниридаги иштирокини бутунлай якунлади.
Изоҳ (0)