«Вятский квас» бренди остида квас ишлаб чиқарувчи Киров (Россия)нинг «Вятич» компанияси мельдоний қабул қилганини тан олган россиялик теннисчи Мария Шараповани қўллаб-қувватлади, деб хабар беради «Чемпионат».
«Шу кунларда Мариянинг электрон почтасига у билан ҳамкорлик қилиш ҳақида хабар жўнатдик. У ўйлаб кўриш учун бир неча кун муҳлат сўради. Мариянинг муаммоси бизни хавотирга солмоқда, чунки у бизнинг ҳамюртимиз. Бир қанча компаниялар у билан ҳамкорликни тўхтатгани боис, Мария тушкунликка тушган. Шу сабабли, уни ҳурмат ва ватанга бўлган садоқат юзасидан қўллаб-қувватлаш ниятимиз бор. Мария билан унинг ўзига қулай шаклда ҳамкорлик қилишга тайёрмиз», – деб компания вакили Мария Печёнкина сўзларидан иқтибос келтиради «Интерфакс».
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ допинг билан боғлиқ муаммо туфайли Nike ва TAG Heuer каби машҳур брендлар ҳамда БМТ ташкилоти Мария Шарапова билан ҳамкорликни тўхтатгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)