Эртага, 16 март куни Осиё Чемпионлар Лигаси 3-турида Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси Эроннинг «Зоб Аҳан» клубига қарши баҳс олиб боради. Бўлажак учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида «қалдирғочлар» бош мураббийи Сергей Лушчан ҳамда ҳужумчи Баҳодир Насимов иштирок этди, деб хабар беради «Бунёдкор» матбуот хизмати.
- Эртага яхши ўйин бўлишини кутяпман. Баҳс ҳар иккала жамоа учун жуда қийин ўтишини тахмин қилиш қийин эмас. «Зоб Аҳан» қарши ҳужумларда яхши ҳаракат қиладиган, тартибли жамоа. Жуда кам хатолар қилади. Лекин ўзига яраша камчиликлари ҳам бор. Эрон футболи ҳақида кўпроқ Баҳодир Насимов сизларга маълумот бергани маъқул, — дейди Сергей Лушчан.
- Эрон чемпионатидаги тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтаманки, форслар асосан ҳимояга эътибор қаратади. «Падидеҳ»да мен билан ўйнаган иккита собиқ жамоадошим бугунги кунда «Зоб Аҳан»да тўп тепмоқда. Улар ҳимоя чизиғида ҳаракат қилади. Эрон жамоаларининг майдонга тушган барча 11 футболчиси ҳам ҳимояда, ҳам ҳужумда ўйнайди. Уларнинг энг асосий мақсади – ютқазмаслик, — дея фикр билдирди Баҳодир Насимов.
Шундан сўнг «Бунёдкор» устози журналистларнинг бир қатор саволларига жавоб қайтарди.
- «Бунёдкор»нинг ҳозирги натижалари худди ўтган йилги иштирокини эсга солмоқда.
- Буни вақт кўрсатади. Мен жамоамдан мамнунман. Йигитлар машғулотларда яхши ишламоқда. Эртага мухлисларимиз кўмаги остида ўйнаймиз, уларнинг далдаси биз учун муҳим. Ўйлайманки, бу йилги натижаларимиз бошқача бўлади.
- «Бунёдкор» ОЧЛдаги сўнгги тўртта уй учрашувида 0:1 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу қандайдир тасодифми?
- Аввалги уй ўйинларимизда пенальтилардан гол ўтказиб юборган эдик. Лекин рақибга қараганда кўпроқ вазиятлар яратгандик. Қандайдир омадимиз чопмади. Масалан, эртага бешта гол уришимиз ҳам мумкин. Футболда олдиндан ҳеч нарса деб бўлмайди. Спортда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
- «Зоб Аҳан»нинг камчиликлари ҳақида ҳам маълумот йиғдингизми?
- «Зоб Аҳан» – ишлаб турган машина! Улар кучли ва бақувват футболчиларга эга ва деярли хато қилмайди. Рақибни яхши ўргандик. Уларнинг камчиликлари ҳақида ҳозир айта олмайман.
- Голли вазиятлардан самарали фойдаланиш борасида машғулотларда қандай ишлар қилинади?
- Ишонинг, биз жуда кўп меҳнат қиламиз. Умумий машғулотлардан ташқари, ҳар бир чизиқ вакиллари билан индвидуал тарзда иш олиб борамиз.
16 март, чоршанба куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтадиган «Бунёдкор» – «Зоб Аҳан» учрашуви 18:00 да бошланади.
Маълумот ўрнида, ОЧЛ «B» гуруҳи 2-туридан сўнг «Зоб Аҳан» 4 очко билан иккинчи, «Бунёдкор» эса 1 очко билан учинчи ўринни банд қилиб турибди.
Изоҳ (0)