Сардор Рашидов: Мен иккинчи Шацких эмас, биринчи Рашидов бўлмоқчиман
ФИФА расмий сайти мухбирлари Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Қатарнинг «Ал-Жаиш» клуби ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов билан суҳбатда бўлиб, унинг Қатардаги фаолияти, миллий терма жамоа, Осиё чемпионати ва Жаҳон чемпионати орзулари борасидаги фикрлари билан танишди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Қатардаги фаолияти ҳақида
«‘CR10’ деб аташлари кишини илҳомлантиради, албатта. Чунки Криштиану Роналду Жаҳон футболидаги ёрқин юлдуз ҳисобланади. Шундай бўлса-да, мени Сардор, дея исмим билан чақиришса ўзимни қулайроқ ҳис қиламан. Қатарга ўзим учун янги чорловлар сабаб келганман. ‘Ал-Жаиш’ ажойиб жамоа ва бу клубда ўйнашимдан хурсандман. Бундан ташқари, хориж чемпионатида Ўзбекистон номини ҳимоя қилишдан фахрланаман. Доимо Европанинг кучли лигаларидан бирида ўйнашни орзу қилганман, аммо айни вақтда маҳоратимни оширишга интиляпман. Агар ёрқин ўйин кўрсатсам, Европада ўйнаш имконияти албатта пайдо бўлади».
Ўзбекистон терма жамоасидаги дебют ўйини ҳақида
«Вьетнамга қарши баҳсни яхши эслайман. Мен терма жамоадаги дебютимда гол урдим ва бу саралаш босқичида биз учун ғалабали онларни бошлашдаги жуда муҳим роль ўйнади. Мураббийларим кўп бора ўзимга ишонишим кераклигини айтди, шу сабаб ҳатто тажрибали рақиблар олдида ўзимни кучли ҳис қилдим. Мана орадан 3 йил ўтди ва ҳозир ўзимга бўлган ишончим янада ортди. Менинг ишим — гол уриш. Мен ҳужумчиман ва жамоамга ёрдам бериш учун гол уришим зарур. Иқтидорни сизга яратган беради, аммо сиз бу совғани ўзи билан яхши футболчи бўла олмайсиз. Сиз тер тўкиб меҳнат қилишингиз керак. Менинг кучим янада ривожланишни исташимда, деб ўйлайман. Доимо ўсишни хоҳлайман, фақат меҳнатгина инсонни кучлироқ қилиши мумкин».
Ўзбекистон терма жамоасининг мундиалга чиқиш имкониятлари ҳақида
«Шацких буюк футболчи. У ҳар бир ёш ўзбек футболчисининг кумири. Аммо мен иккинчи Шацких эмас, биринчи Сардор Рашидов бўлишни истайман. Мен ўз жамоамга иложи борича кўпроқ учрашувларда ғалаба қозонишда ёрдам беришни хоҳлайман. Айни дамда кейинги босқичга чиқиш учун яхши имкониятга эгамиз. Бу Ўзбекистон тарихидаги энг яхши таркиблардан бири. Мухлисларни Жаҳон чемпионати йўлланмаси билан хурсанд қилишнинг вақти келди, деб ўйлайман. Мақсадим Ўзбекистон терма жамоаси билан мундиалда иштирок этиш ва бунинг учун қўлимдан келган барча ишни қиламан».
Изоҳ (0)