Икки йил муқаддам, 2014 йили бразилиялик модель Паола Антонинининг ҳаёти тубдан ўзгариб кетди. Сайр пайтида қизни машина уриб кетди, шифокорлар эса унинг оёғини кесиб ташлашга мажбур бўлди. Бу бахтсиз ҳодиса моделлик фаолияти билан шуғулланувчи қизнинг бахтли ҳаётига амалда нуқта қўйиши мумкин эди, аммо Паола таслим бўлмасликка қарор қилди. Унинг бу борадаги саъй-ҳаракатлари хусусида AdMe сайти ҳикоя қилиб берди.
Оёғидан маҳрум бўлганига қарамай, Паола ҳаётга қизиқишини йўқотмади. Унинг Instagram’даги саҳифасида ёрқин ва қувончли лаҳзалар акс этган суратлар кўп.
Паола жисмоний ҳолатини назорат қилиб боради, мунтазам равишда рақс ва фитнес билан шуғулланади, скейтбордда учади, от минади ва кўп саёҳат қилади.
Бошига тушган қийинчиликларга қарамай, қиз модель сифатида фаолият юритишда давом этмоқда. Шунингдек, у телешоуларда фаол иштирок этади ва йирик гўзаллик фирмалари билан шартномалар имзолайди.
Бундан ташқари, Паола модалар съёмкаларида ҳамда ногирон болаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирларда қатнашади, уларга таслим бўлмасликни, ўз кучига ишонишни ўргатади. У ўз блогига ва YouTube’да каналига эга.
Изоҳ (0)